Жозе Моуринью Валверде ва Тчуаменидадан бирини «Реал»дан ҳайдамоқчи
«Реал Мадрид» бош мураббийлигига тайинланиши кутилмоқдаган «Бенфика» устози Жозе Моуринью жамоада яримҳимоячилар Федерико Валверде ва Аурелиан Тчуаменининг бир вақтда қолишини истамаяпти. Португалиялик мутахассис таркибни оптималлаштириш ва унинг тактик тизимига путур етказиши мумкин бўлган ички рақобатдан қочишни афзал кўрмоқда. Бу ҳақда Marca нашри хабар тарқатди.
Манбанинг ёзишича, яқинда Валверде ва Тчуамени ўртасида содир бўлган муштлашув жамоавий жипслик борасида жиддий муаммо борлигини кўрсатиб берди. Моуринью эса ўзи бошқарадиган ҳар қандай жамоада айнан мана шу жиҳатга биринчи даражали эътибор қаратиши билан танилган.
Қайд этилишича, Моуриньюнинг тактик талабларидан келиб чиқилса, ҳимояланиш ва позицияни назорат қилиш борасидаги қобилиятлари эвазига Тчуамени Валвердега нисбатан бироз устунликка эга бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 7 май, пайшанба кунги машғулот пайтида ҳар икки футболчи ўртасида ўзаро оғзаки низо келиб чиққан ва у кийиниш хонасида муштлашувга айланиб кетган эди. Тўқнашув оқибатида уругвайлик футболчининг боши ёрилиб, шифохонага олиб кетилган, шунингдек, ҳар икки ўйинчи ҳам клуб томонидан 500 минг евро миқдорида жаримага тортиладиган бўлганди.