Ўзбекистон U-20 аёллар терма жамоаси — CAFA чемпиони
Тожикистон Республикасида ташкил этилган CAFA U-20 Women’s Championship 2026 мусобақаси ўз якунига етди. Мусобақанинг сўнгги турида Ўзбекистон U-20 аёллар терма жамоаси мезбон Тожикистон U-20 терма жамоасига қарши майдонга тушиб, йирик 7:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувнинг илк бўлимида Наргиза Маматалиева ҳисобни очди. Шундан сўнг Шаҳзода Алихонова рақиб дарвозасини икки бор ишғол қилиб, жамоамиз устунлигини мустаҳкамлади. Тайм якунланиши арафасида терма жамоамиз сардори Шаҳноза Деканбоева ҳам ўз номини муаллифлар қаторига ёздириб, биринчи бўлим 4:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимда ҳам Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ташаббусни қўлдан бой бермади. Севинч Ғуломова бурчак тўпидан сўнг ҳисобни 5:0 кўринишига келтирди. Орадан ўн дақиқа ўтиб, Ёдгора Юсупова пеналтидан аниқ зарба йўллади. Учрашувдаги якуний голга эса 78-дақиқада Мария Дахова муаллифлик қилди.
Шу тариқа Виктория Сирота бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 аёллар терма жамоаси мусобақани 3 учрашувда 7 очко билан якунлаб, CAFA U-20 Women’s Championship 2026 турнири ғолибига айланди.