Виктор Карпенко: «Катанес ва Кападзе жамоалари ўртасида жиддий фарқ йўқ»
Ўзбекистон миллий терма жамоаси июн ойи бошида жаҳон чемпионати саралаш турнирида муҳим ўйинларни ўтказади. Sports24.uz 2003-2014 йилларда терма жамоамиз сафида жами 59 та ўйин ўтказиб, 4 та гол урган Виктор Карпенко билан суҳбатлашди.
- Виктор Александрович, Жаҳон чемпионати саралаш турнирининг сўнгги ўйинлари олдидан терма жамоамизнинг имкониятлари қандай?
- Биз кўпинча Жаҳон чемпионатига чиқишга бир қадам қолганда тўхтаб қолганмиз – ё қўлга киритилмаган очколар, ё тўплар нисбати, ёкида энг муҳими – муваффақиятсизлик туфайли. Жуда яхши ўйнаган бўлсак-да, жаҳон чемпионатига чиқа олмадик.
Ҳозирги терма жамоамиз жуда яхши таркибга эга – ёш ва тажрибали футболчилар етарли. Энди жаҳон чемпионатига чиқиш учун барча имкониятлар мавжуд. Ҳаммаси футболчиларимизга боғлиқ, ҳаммаси ўз қўлимизда.
- Сречко Катанесдан кейин етакчилик Тимур Кападзега ўтди. Сўнгги икки ўйинда қандайдир фарқни сездингизми?
- Агар Сречко Катанес ва Тимур Кападзе давридаги ўйинларни солиштирадиган бўлсак, тактик жиҳатдан жиддий фарқ йўқ – жамоа аввалгидек ўйнашда давом этди. Буни Тимур Таҳирович ҳам билади, чунки қисқа муддатда тактик ўзгариш қилиш қийин. Энг муҳими, бу усул жамоага очко олиб келди ва бу иш берди.
- Сизча, жамоамиз аъзоларининг турли шароитлари бунга қандай таъсир қилади?
- Айрим футболчилар чемпионат тугагани учун формани йўқотиш хавфи остида қолгандек туюлиши мумкин, бошқалари эса ўз клубларида камроқ ўйнаяпти. Лекин менимча, уларнинг барчаси профессионал ва клубларда ўз жисмоний ҳолатини сақлаб қолишади. Ёки Ўзбекистонда жамоалар билан машғулот ўтказишади. Бу ҳолат уларнинг ўйинига таъсир қилмаслиги керак. Терма жамоа мураббийлар штаби машғулотлар давомида уларни оптимал ҳолатга келтирмоқда. Энг муҳими, футболчилар бу ўйин нақадар муҳим эканини тушуниб, майдонда борларини беришади. Ўйлайманки, натижа ижобий бўлади.
- БАА терма жамоаси мураббийини алмаштирди. Уларнинг қандай қаршилигини кутмоқдасиз?
- БАА терма жамоаси, биринчи навбатда, ҳужумкор, комбинацион футбол ўйнайдиган жамоа. Ҳозирда уларнинг таркибида маҳаллийлаштирилган футболчилар кўп – асосан бразилияликлар ва уларнинг ўйини кўпроқ ҳужумкор. Албатта, мураббийлар штабида ўзгаришлар бўлди, лекин улар ўз услубидан воз кечмайди, деб ўйлайман. Жамоамизга, мураббий ва футболчиларимизга муваффақиятлар тилайман. Биз уларга ишонамиз ва асосий мақсад – Жаҳон чемпионатига чиқишимизга умид қиламиз.