U-17 терма жамоамиз жаҳон чемпионати олдидан Испанияда синовдан ўтади
Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини сентябр ойида жиддий синов кутиб турибди. АФУ матбуот хизмати хабар беришича, жамоа Испанияда ўқув-машғулот йиғини ўтказади ва бир қатор кучли рақибларга қарши майдонга тушади.
Таркибга бош мураббий Ислом Исмоилов бошчилигидаги штаб раҳбарлик қилади. Жаҳон чемпионати иштирокчилари бўлган термалар ўртасида ташкил этиладиган халқаро мусобақа доирасида Ўзбекистон U-17 термаси Англия, Канада ва Марокаш ёшлар жамоаларига қарши ўйнайди.
Бу йиғин жамоамиз учун халқаро тажриба орттириш, ўйин услубини такомиллаштириш ва рақобатбардошликни ошириш нуқтаи назаридан муҳим босқич ҳисобланади. Машғулотлар давомида футболчиларнинг жисмоний ҳолати, жамоавий ўйин ва тактик тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилади.
Белгиланган ўйинлар тақвими:
• 3 сентябр: Англия – Ўзбекистон
• 6 сентябр: Канада – Ўзбекистон
• 9 сентябр: Марокаш – Ўзбекистон