Рўзиқул Бердиев: “Андижон” ўйинида ўзгариш ва даражаси юқори ўйинчилари борлиги учун биз иккинчи рақамда ўйнадик”
“Андижон” – “Насаф” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди.
- Бу гапни ҳар доим айтамиз: Андижондаги стадионда ажойиб муҳит яратилади. Ўйинга келадиган бўлсак, албатта иккила жамоа ҳам биринчи ўринни олиб кейинги босқичга чиқишни истайди. Шунинг учун бугунги учрашувда кураш ҳам бўлди, футболчиларда иштиёқ борлиги ҳам кўриниб турди. Йигитларимиз тушунган ҳолда майдонга чиқишди. Чунки “Андижон” жамоаси ўйинида ўзгариш борлиги ва таркибида маҳорати, даражаси юқори ўйинчилар борлигини ҳисобга олиб биз иккинчи рақамда ўйнадик, кўпроқ ҳимояландик. Бир-иккита вазиятларни ҳисобга олмаганимизда, ҳимояда яхши ҳаракат қилдик. Ирода кўрсатиб, ғалабани ҳам илиб кетишимиз мумкин эди. Гол урганимиздан кейин бизда озгина ташаббус бор эди. Шунингга қарамасдан дуранг бўлди. Ўйлайманки, ўйинга мос бўлди.
- “Насаф” жамоаси гол урганидан кейин қандайдир дурангни ушлаб қолиш учун ҳаракат қилгандек кўринди.
- Тўғри, таъкидладингиз, бу рост. Чунки бугунги таркибимиз ва ҳолатимиз билан ҳозир айтиб ўтганимдек, “Андижон” жамоасини қанчалик кучлилигини. Уларида маҳоратли футболчилар борлиги учун иккинчи бўлимда бизни дуранг ҳам қониқтирган ҳолда ҳаракат қилдик. Иккинчи бўлимда ўйинни бошидан жойлашувимизга ўзгартиш киритдик. Бу “Андижон” жамоаси учун ноқулайлик туғдирди. Биз эса гол урдик ва яна вазиятлар яратдик. Шунингга қарамасдан, “Андижон” кўпроқ ҳужум қилиб, кўпроқ вазиятлар яратгандир, аммо дарвозабонимиз ва ҳимоячиларимиз яхши ҳаракат қилишди.
- Жамоа легионери Сокари нега майдонга туширилмаяпти?
- Ўтган йили келиб, бизда жароҳат олди ва оёғи операция қилинган. Тўлиқ тикланиб бўлгани йўқ. Биз унга шартнома бермаслигимизни ўзи ҳам билади. Шунинг учун ўйинга тушган учрашувларда ҳам ўзини аяб ўйнаётгани учун уни майдонга кам туширяпмиз. Уни ҳам тушуниш мумкин, чунки яна жароҳат олиб қолса, ҳеч кимга керак бўлмай қолиши мумкин. Мақсадимиз ёшларга кўпроқ имконият бериш. Кўрдингизлар, захирамиз бугун фақат ёшлардан иборат эди. Тажрибасини ошириб боришса, бу жамоамизнинг ютуғи бўлади.