Роналдунинг биологик ёши 28 деб баҳоланди
Португалия миллий жамоаси ва «Ан Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг биологик ёши 28 деб баҳоланди, ҳолбуки футболчининг паспорт бўйича ёши 40. Бу ҳақда Whoop компаниясининг X’даги саҳифасида маълум қилинди.
Тадқиқотга Роналду ҳам муносабат билдирди.
«Маълумотлар ёлғон гапирмайди», — деб ёзди португалиялик юлдуз ўзининг X’даги саҳифасида.
Жорий мавсумда Роналду клуб ва миллий жамоа сафида барча мусобақалар доирасида 17 ўйинда майдонга тушиб, 16 та гол урди ва икки бор голли узатма берди.
Португалиялик форвард 2023 йилдан бери «Ан Наср» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унга энг катта шуҳратни «Манчестер Юнайтед» ва Мадриднинг «Реал» клубларидаги фаолияти олиб келган. Роналду — «Олтин тўп» мукофотининг беш карра ғолиби ҳисобланади.