«Реал» ва Винисиус шартномани узайтириш борасида келишувга эришди
Томонлар ўртасида тузилган амалдаги битим 2027 йилнинг ёзида якунига етади.
ФОТО: Getty Images
Бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниор ва Мадриднинг «Реал» клуби ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Diario Sport нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, томонлар аллақачон ўзаро келишувга эришган.
Қайд этилишича, Винисиуснинг бош мураббий Хаби Алонсо билан келиб чиққан можароси ҳақида сўнгги маълумотлар ҳам шартнома узайтиришга тўсқинлик қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, «Реал» Винисиусни 2018 йилда «Фламенго»дан 45 миллион еврога сотиб олган эди. Шу вақтдан бери бразилиялик футболчи Мадрид клубида 338 та ўйинда майдонга тушиб, 111 та гол урган ва 87 та голли узатма амалга оширган.
25 ёшли футболчининг «Реал» билан тузган амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача мўлжалланган.
Насрулло Каримов
Журналист