“Реал” мураббийи жорий мавсумдаги асосий муаммолар ҳақида гапирди
“Реал Мадрид” бош мураббийи Карло Анчелотти “Барселона”га қарши кечган ўйиндан сўнг матбуот анжуманида жамоасининг ўйини бўйича фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, бу даражадаги учрашувларда ҳимоя ҳам, ҳужум ҳам юқори савияда бўлиши керак.
«Ҳужумда ёмон ўйнамадик. Бироқ дастлабки ўттиз дақиқада яхшироқ ҳаракат қилишимиз мумкин эди. Йўл қўйилган аниқ хатолар голларга олиб келди. Режа аниқ эди, айниқса ҳужумда. Лекин ҳимояда, айниқса биринчи бўлимда, яхши ҳаракат қилмадик. Шу билан бирга, жамоа умумий ҳолда яхши ўйин кўрсатди. Биз белгиланган тактик режага амал қилдик… Бу мавсумдаги сўнгги Эл Класико эди. Эндиликда мавсумни муносиб якунлашга эътибор қаратамиз. Олдимизда учта ўйин қолди» , — деди Анчелотти.
Унинг таъкидлашича, “Реал”нинг жорий мавсумдаги энг катта муаммоси — ҳимоя:
«Кўп ҳолларда голларни ўз хатоларимиз оқибатида ўтказиб юбордик. Бу — асосий муаммо. Худди шундай ҳолатлар олдинги “Барселона”га қарши ўйинларда ҳам кузатилган. Демак, асосий муаммо — ҳимоя» , — дея хулоса қилди италиялик мутахассис.
Шунингдек, Анчелотти жамоасида беш нафар ҳимоячи етишмаганини ҳам алоҳида таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, Ла Лиганинг 35-туридаги марказий учрашув — Эл Класикода “Барселона” Ханс-Дитер Флик бошчилигида “Реал”ни 4:3 ҳисобида мағлуб этди.