Расман! “Атлетик” Эрнесто Вальверде билан шартномани узайтирди
Бильбаонинг “Атлетик” клуби испаниялик мураббий Эрнесто Вальверде билан шартномани узайтирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, томонлар ўртасида тузилган янги шартнома 2026 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Шу тариқа, Вальверде “Атлетик” бош мураббийи сифатида 10 йил фаолият юритади. Мутахассис аввалроқ 2003 йилдан 2005 йилгача ва 2013—2017 йилларда ҳам жамоани бошқарган.
“Ажойиб мавсумдан сўнг клубнинг ўйинлари сони бўйича биринчи рақамли мураббий (451 та) жамоани яна Чемпионлар Лигасига олиб боради”, — дейилади клуб баёнотида.
Маълумот учун, “Атлетик” Испания Ла Лигаси турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа 37 та ўйинда 70 очко жамғариб, кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.