Рамос «Реал»га қайтиши мумкин — манба
39 ёшли марказий ҳимоячи, ҳозирда Мексиканинг «Монтеррей» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Серхио Рамос яна «Реал»га қайтиши мумкин. Бу ҳақда Defensa Central нашри хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, «қаймоқранглилар» тажрибали ҳимоячини қишки трансфер ойнасидёқ жамоага қўшиш вариантини кўриб чиқмоқда. Рамоснинг Мексика клуби билан амалдаги шартномаси якунланмоқда ва бир ой ичида у эркин агентга айланади. Бу эса унинг трансферини компенсациясиз амалга ошириш имконини беради. Айни пайтда «Реал» марказий ҳимоя чизиғида жароҳатлар сабаб кадрлар танқислигига дуч келмоқда, шу боис Рамос варианти клуб учун долзарб бўлиб турибди.
Серхио Рамос «Реал» сафида 2005–2021 йиллар давомида 16 мавсум ўйнаган. Мадрид клуби сафида у жами 671 та ўйинда майдонга тушиб, 101 та гол урган ва 40 та голли узатма берган — бу натижалар уни клуб тарихидаги энг самарали ҳимоячилардан бирига айлантирган. У «Реал» билан тўрт марта УЕФА Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган, беш марта Ла Лига чемпионлиги ва яна қатор йирик совринларни қўлга киритган.
Мексиканинг «Монтеррей» клубига у жорий йилнинг февраль ойида қўшилган. Бу вақт ичида 39 ёшли футболчи 30 та учрашувда майдонга тушиб, 7 та голга муаллифлик қилган.