«ПСЖ» Рюдигер билан шартнома имзоламоқчи
Парижликлар 32 ёшли ҳимоячини ёзда ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда.
ФОТО: Getty Images
Франциянинг «ПСЖ» клуби Мадриднинг «Реал» жамоаси ҳимоячиси Антонио Рюдигерга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда El Nacional нашри хабар берди.
Манбага кўра, парижликлар 32 ёшли футболчини ёзда жамоани тарк этишга кўндириш учун молиявий жиҳатдан жозибадор шартнома таклиф қилишга тайёр.
«ПСЖ» раҳбарияти ёш таркиб учун тажрибали етакчи зарур деб ҳисобламоқда ва Рюдигер бу рольга мос футболчи сифатида кўрилмоқда.
2025/2026-йилги мавсумда Рюдигер «Реал» сафида барча мусобақаларда 7 та ўйинда майдонга тушди, аммо гол ёки ассист қайд этмади. Унинг мадридликлар билан шартномаси 2026 йил июн ойигача амал қилади.
Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 12 миллион еврони ташкил этади.
Насрулло Каримов
Журналист