«ПСЖ» президенти Витинья трансфери бўйича «Реал» билан музокара ўтказишни режалаштирмаяпти
«ПСЖ» президенти Насир Ал-Хелайфи жамоа яримҳимоячиси Витинья трансфери борасида қатъий позицияни эгаллади ва футболчини сотиш масаласида Мадриднинг «Реал» клуби билан музокаралар олиб боришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Defensa Central хабар берди.
Манбага кўра, жамоа учун муҳим ҳисобланган футболчи билан хайрлашиш истагининг йўқлигидан ташқари, Ал-Хелайфи ва «Реал» президенти Флорентино Перес ўртасидаги таранг муносабатлар ҳам муҳим омил саналади. Килиан Мбаппе атрофидаги турли вазиятлар, шунингдек, «Реал» ва УЕФА ўртасида Европа Суперлигаси масаласида юзага келган зиддият икки клуб раҳбарлари ўртасидаги алоқаларга жиддий путур етказган.
Аввалроқ ОАВда «Реал» Винисиус Жуниор жамоани тарк этган тақдирда, Витиньяни 100 млн евро эвазига сотиб олишга тайёр экани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Globe Soccer Awards маросимида йилнинг энг яхши яримҳимоячиси деб топилган Витиньянинг «ПСЖ» билан амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган.