Педри Мессидан ўтиб, янги рекорд ўрнатди
«Барселона» яримҳимоячиси Педри Испания чемпионатида каталонияликлар сафида 150 та расмий учрашув ўтказиш маррасига етди. Бу ҳақда Opta хабар бермоқда.
Педрининг юбилей ўйини Ла Лиганинг 16-турига тўғри келди. 13 декабрь куни 23 ёшли футболчи «Осасуна»га қарши баҳсда асосий таркибда майдонга тушди ва учрашув «кўк-анорранглилар»нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Мазкур ўйин Педри учун тарихий аҳамиятга эга бўлди. У «Барселона» тарихида Ла Лигада 150 та учрашув ўтказган энг ёш футболчига айланди ва шу тариқа Лионел Мессининг рекордини янгилади. Аргентиналик юлдуз 150-ўйинини Испания чемпионатида 23 ёш 121 кунлигида — 2010 йил 23 октябрь куни «Сарагоса»га қарши баҳсда (2:0) ўтказган эди. Педри эса ушбу кўрсаткичга 23 ёш 18 кунлиганда эришди.
Испаниялик яримҳимоячига Ла Лигадаги 150 ўйин чегарасига етиш учун беш йилдан сал кўпроқ вақт талаб қилинди. У «Барселона» сафидаги дебютини 2020 йил 27 сентябрь куни «Вильярреал»га қарши учрашувда ўтказган.