Моуринью «Реал»га Ян Диоманд трансферини маъқуллади
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуринью «Лейпциг» қанот ҳужумчиси Ян Диоманд номзодини жамоанинг асосий трансфер мақсади сифатида маъқуллади. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо ўзининг X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Манбага кўра, португалиялик мутахассис клуб раҳбариятига ҳужум чизиғида «янада кўпроқ тезлик» ва янги кучларга эҳтиёж борлигини билдирган. Шу сабабли 19 ёшли ивуарлик футболчи «Реал»нинг асосий трансфер нишонларидан бирига айланган.
Аввалроқ Bild нашри мадридликлар Диоманд учун 100 миллион евро таклиф қилишга тайёр эканини хабар қилган эди.
Футболчи ўтган мавсум барча мусобақаларда 36 та учрашувда иштирок этиб, 13 та гол урди ва 10 та голли узатмани амалга оширди.
Футболчининг «Лейпциг» билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt маълумотига кўра, унинг бозор қиймати 90 миллион еврога баҳоланмоқда.