locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Мбаппе Ла Лига тўпурорлари пойгасида етакчилик қилмоқда

Бугун мавсум тўпурори номи маълум бўлади.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
ФОТО: Getty Images

Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе Испания чемпионатининг 2025/2026 йилги мавсумида энг яхши тўпурорга айланиши мумкин. Франциялик форвард жорий мавсумда 31 та ўйинда майдонга тушиб, 25 та гол уришга эришди. Таъкидлаш жоизки, бу футболчининг Ла Лигадаги иккинчи мавсуми ҳисобланади.

Тўпурорлар пойгасида Мбаппенинг энг яқин таъқибчиси — қуйи лигага тушиб кетган «Мальорка» клуби ва Косово терма жамоасининг 32 ёшли ҳужумчиси Ведат Мурики бўлди, у ўз ҳисобига 23 та гол ёздириб қўйган. Кучли учликни эса «Осасуна»нинг 34 ёшли хорватиялик ҳужумчиси Анте Будимир 17 та гол билан якунлаб берди.

Шунингдек, «Барселона» аъзолари Ламин Ямал ва Ферран Торрес, қолаверса, «қаймоқранглилар» вингери Винисиус Жуниор ҳисобига 16 тадан гол мавжуд. «Реал Сосьедад» сардори Микел Оярсабал эса рақиблар дарвозасини 15 бор ишғол қилган.

Ла Лигада 2025/2026 йилги мавсум якунланиши учун бор-йўғи битта ўйин қолди: бугун, 24 май куни «Вильярреал» ўз майдонида «Атлетико»ни қабул қилади. Ушбу жамоалар футболчиларида кучли учликдаги мерганларга етиб олиш учун фақатгина математик имкониятлар қолган, холос.

Маълумот учун, 27 ёшли Франция терма жамоаси аъзоси 2024 йилнинг июл ойидан буён «Реал» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Мбаппе жорий мавсумда барча турнирлар доирасида жами 44 та учрашувда қатнашиб, 42 та гол ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилди.

Насрулло Каримов
Насрулло Каримов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг