Мастантуононинг «Реал»даги келажаги маълум бўлди
Мадриднинг «Реал» клуби яримҳимоячиси Франко Мастантуоно жорий мавсумнинг иккинчи ярмида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида қишки трансфер ойнасида ижара асосида жамоани тарк этмайди. Бу ҳақда журналист ва инсайдер Фабрицио Романо ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Манба маълумотларига кўра, «Қироллик клуби» бош мураббийи Хаби Алонсо ва «қаймоқранглилар» раҳбарияти Франкони ушбу лойиҳадаги муҳим футболчи сифатида кўрмоқда.
Аввалроқ ОАВда Мастантуоно ижара асосида «Реал»дан кетиши мумкинлиги, бу орқали Аргентина миллий жамоаси сафида Жаҳон чемпионатига бориш имкониятини оширишни кўзлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шунингдек, «Наполи» клуби футболчи учун 50 млн евро тўлашга тайёр экани ҳам қайд этилганди.
Мастантуоно 2025 йил августидан бери «Реал» сафида тўп сурмоқда. Мадридликлар ёш аргентиналик футболчи трансфери учун «Ривер Плейт» клубига 45 млн евро тўлаган. Ҳозирга қадар у барча турнирларда «Реал» сафида 14 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол ва 1 та голли узатма муаллифига айланган. Transfermarkt порталидаги маълумотларга кўра, Мастантуононинг бозор қиймати 50 млн еврони ташкил этади.