Мареска: «Палмер қачон тўлиқ тайёр бўлишини аниқ айта олмаймиз, лекин унинг аҳволи умид уйғотмоқда»
«Челси» яримҳимоячиси Коул Палмер яна асосий жамоа билан машғулотларга қайтди. Бу ҳақда лондонликлар бош мураббийи Энцо Мареска маълум қилди.
Маресканинг айтишича, футболчининг тўлиқ тикланиш муддати ҳали аниқ эмас, бироқ бу яқин орада содир бўлиши кутилмоқда:
«Биз ҳозирча унинг қачон тўлиқ тайёр бўлишини аниқ айта олмаймиз, лекин бу тез орада рўй бериши керак. Палмер аллақачон майдонда ишлаяпти ва тўп билан машқларни бошлади. Ўзини ёмон ҳис қилмаяпти».
Мураббий жамоанинг ҳозирги эътибори Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Барселона»га қарши учрашувга қаратилганини таъкидлади:
«Шундан кейин “Арсенал”га қарши ўйинга тайёргарлик кўрамиз. У икки ўйинда ҳам майдонга тушиши мумкин деб ўйламайман, бироқ унинг аҳволи умид уйғотмоқда», — дея Маресканинг сўзларини келтиради клуб расмий сайти.
Аввалроқ Палмернинг оёқ бармоқларидан бири сингани ҳақида хабар берилганди. «Челси» — «Барселона» учрашуви бугун, 25 ноябр куни бўлиб ўтади.