Манба: Винисиус ва Алонсо ўзаро келишиб олди
Мадриднинг «Реал» клуби вингери Винисиус Жуниор ва жамоа бош мураббийи Хаби Алонсо ўртасидаги сўнгги можаро ҳал этилди. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 29 октябрь куни бразилиялик футболчи ва испаниялик мутахассис «дўстона учрашув» ўтказишган.
Суҳбат давомида улар «очиқ ва конструктив мулоқот» олиб бориб, келишмовчиликни бартараф этган ҳамда вазиятни ижобий ҳал қилишган.
Эслатиб ўтамиз, 26 октябрь куни «Барселона»га қарши ўйинда Алонсо 72-дақиқада Винисиусни алмаштирганди. Бу қарор футболчининг кескин норозилигига сабаб бўлиб, у майдонни тарк этар чоғида ҳиссиётларга берилган ҳолда, мураббийнинг қароридан ажабланганини билдирган ва ҳатто қўпол сўзлар ҳам ишлатганди.
Шундан сўнг, футболчининг клубни тарк этиш истаги борлиги ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлганди.