La Liga АҚШда бўлиб ўтиши режалаштирилган «Барселона» — «Вильярреал» ўйини бекор қилинганини эълон қилди
Испания La Лигаси ўзининг X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 17-тур доирасида «Вильярреал» ва «Барселона» жамоалари ўртасидаги 20 декабрь куни Майамида ўтказилиши режалаштирилган учрашув бекор қилинганини эълон қилди.
«La Лига бу лойиҳа амалга ошмаётганидан жуда афсусда. Ушбу ташаббус Испания футболи халқаро миқёсда тарғиб қилиш учун тарихий ва ноёб имконият бўлиши мумкин эди.
Мамлакат ташқарисида расмий ўйин ўтказиш бизнинг чемпионатни глобал миқёсда кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўларди. Бу клубларнинг халқаро майдонда обрўсини ошириб, футболчиларни янада таниқли қиларди ва АҚШ каби стратегик бозорда Испания футболи брендини мустаҳкамлашга хизмат қиларди», — дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Майамидаги ўйинни ташкилотчилар сифатли тайёргарлик кўриш учун вақт етишмаётгани сабабли учрашувни ўтказа олмасликларини маълум қилишганди.