Кунде «Барселона»дан кетиши мумкин
«Барселона» ҳимоячиси Жюль Кунде жорий мавсум бошланганидан кейин жамоадаги ҳолатини қайта кўриб чиқмоқда. Франциялик футболчи асосий таркибдаги ўрнини йўқотган ва агар вазият ўзгармаса, клубни тарк этишга тайёр. Бу ҳақда Sport.es хабар берди.
Манба маълумотига кўра, Англия Премьер-лигасининг учта етакчи клуби 27 ёшли ҳимоячига қизиқиш билдирмоқда. «Барселона» ёзги трансферлар ойнасида Кунденинг трансфери бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр эди, бироқ футболчининг ўзи жамоада қолишни истаган.
Агар Кунде сотилса, каталонияликлар унинг трансферидан 50 миллион евродан ортиқ маблағ ишлаб олиши мумкин.
Кунде жорий мавсумда «Барселона» сафида барча турнирлар доирасида 5 та учрашувда майдонга тушди. Франциялик футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзигача мўлжалланган.
Transfermarkt маълумотига кўра, Кунденинг бозор қиймати 60 миллион еврога баҳоланмоқда.