Карло Анчелотти солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун бир йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Мадриднинг “Реал” клуби собиқ мураббийи ва ҳозирги Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти Испанияда солиқдан қочишда айбдор деб топилди.
Суд 2014 йилда содир этилган жиноят — яъни, унинг тасвири ҳуқуқларидан тушган даромаддан солиқ тўламаслик билан боғлиқ иш юзасидан Анчелоттини бир йил қамоқ жазосига маҳкум қилди. Шунингдек, италиялик мутахассис 386 362 евро миқдоридаги жаримани Испания солиқ органларига тўлаши шарт.
Шу билан бирга, суд 2015 йил учун қўйилган ўхшаш айбловлар бўйича уни оқлади — у вақтда Анчелотти Испанияда яшаганини исботлайдиган далиллар топилмади.
Қонунга кўра, агар шахс илк марта жиноят содир этган бўлса ва ҳукм 2 йилдан кам муддатни ташкил этса, у ҳолда жазо турмада ўталмаслиги мумкин. Шу сабабли, Анчелоттини қамоққа олиш эҳтимоли жуда паст.
Шу билан бирга, суд қарорига кўра, Анчелотти кейинги уч йил давомида Испанияда давлат ёрдамлари, субсидиялар ёки солиқ ва ижтимоий имтиёзлардан фойдалана олмайди.