Камавинга ёзда «Реал»ни тарк этиш ҳақида ўйламаяпти
«Реал Мадрид» яримҳимоячиси Эдуарду Камавинга келаётган ёзги трансфер ойнасида жамоасини тарк этишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.
Футболчи ёзда бошқа клублар билан ҳар қандай музокаралардан бош тортишга қарор қилган, у бор эътиборини «Реал»даги ҳозирги мавқеини яхшилашга қаратмоқчи. Шунингдек, хабарда қайд этилишича, хавбекнинг «лос бланкос» президенти Флорентино Перес билан муносабатлари ҳамон жуда яхши ҳолатда.
Якунланган мавсумда Камавинга барча турнирларда 43 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол ва 1 та ассист муаллифига айланди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали берган маълумотларга кўра, франциялик яримҳимоячининг бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил этади.