Италия Суперкубоги. «Наполи» «Милан»ни ишончли ҳисобда мағлуб этиб, финалга йўлланма олди
Италия Суперкубоги ярим финали доирасида «Наполи» ва «Милан» жамоалари ўртасидаги учрашув якунини топди. Баҳсда 2:0 ҳисоби билан неаполликлар ғалаба қозонди.
Учрашув Саудия Арабистонининг Ар-Рияд шаҳридаги «Ал-Аввал Парк» стадионида бўлиб ўтди. Беллашувнинг бош ҳаками италиялик Лука Зуфферли бўлди.
Ўйиннинг 39-дақиқасида Давид Нерес ҳисобни очиб, «Наполи»ни олдинга олиб чиқди. 64-дақиқада эса Расмус Хойлунд неаполликларнинг иккинчи голини урди.
Турнир доирасидаги иккинчи ярим финал учрашувида А Серия кумуш медали соҳиби «Интер» ва Италия Кубоги ғолиби «Болонъя» ўзаро тўқнаш келади.
Маълумот учун, 2024 йилда Италия Суперкубогини «Милан» қўлга киритган бўлиб, финалда «Интер»ни 3:2 ҳисоби билан мағлуб этган эди.
Италия Суперкубоги. Ярим финал
«Наполи» — «Милан» 2:0
Голлар: Нерес (39), Хойлунд (64).