Ислом Исмоилов: «Рақибга куч томондан ҳам, тезлик томондан ҳам имконият қолдирмадик»
Хорижда йиғин ўтказиш орқали Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон U17 терма жамоаси Чили U17 терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан кейин терма жамоамиз бош мураббийи Ислом Исмоилов УФА расмий саҳифаларига ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
“Жамоамиз биринчи марта Лотин Америкаси терма жамоасига қарши ўйин олиб борди. Албатта жисмонан ҳамда техник томонлама кучли бўлган жамоаларга қарши ўйнаш доим қийинчилик туғдирган. Шунга қарамасдан бугун футболчиларимиз майдонда айтилган кўрсатмаларни тўлиқ бажара олишди. Жамоа куч томондан ҳам, тезлик томондан ҳам рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Лекин, афсуски бир нечта футболчиларимиз жароҳат олди. Жаҳон чемпионати тайёргарлиги йўлида Чилига қарши ўйнашимизнинг сабаби гуруҳимизда Лотин Америкаси жамоаси бор. Шунинг учун ҳам биз бу рақибни танладик. Ўйин услуби бир-бирига яқин бўлганлиги боис, Чили орқали рақибимизга қарши тайёргарлик кўрамиз”,—дейди Исмоилов