Йоахим Лёв миллий жамоадан таклиф олганини тасдиқлади
Германия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Йоахим Лёв сўнгги ҳафталарда бир нечта клуб ва бир миллий ассоциациядан таклифлар олганини маълум қилди.
«Охирги бир-икки ҳафта ичида мен билан боғланиб, суҳбатга тайёрлигим ва қизиқишим бор-йўқлигини сўрашди», — деди Лёв Руст шаҳридаги “Европа парки”даги тадбир чоғида.
У ҳозирда ушбу таклифлар юзасидан ўйлаб кўраётганини ва ҳар бир жамоа ҳақида зарур маълумот тўплаётганини билдирди. Шунингдек, потенциал ҳамкорлик самарали бўлиши мумкинми, деган саволга жавоб топиш учун масъуллар билан учрашувлар ўтказиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, 65 ёшли мутахассис 2014 йил Германияни жаҳон чемпионига айлантирган. У 2021 йилда терма жамоадан кетганидан бери мураббийлик фаолиятини тўхтатиб турганди.
Аввалроқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси Лёв билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.