“Интер” бош мураббийи фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин
Саудиянинг “Ал-Ҳилол” клуби директорлар кенгаши раиси Фаҳад бин Нафел “Интер” раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш учун Миланга жўнаб кетди. Бу ҳақда La Gazzette dello Sport нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Ал-Ҳилол” “Интер” ярим ҳимоячиси Николо Барелла ва бош мураббийи Симоне Инзагига қизиқиш билдирмоқда.
Барелла бўйича жўнатилган биринчи таклиф рад этилган, бироқ саудияликлар бўш келмоқчи эмас. Улар яна бир бор ушбу трансферни амалга ошириш учун ҳаракат қилиб кўрмоқчи.
Шу ўринда, “Интер” Инзаги билан шартномани 2028-йилга қадар узайтириш бўйича келишувга эришганини маълум қилди. Агар бу келишув амалга ошса, мутахассис йилига 7 миллион евро маош олади ва А Сериянинг энг кўп маош олувчи мураббийига айланади.
Қайд этилишича, агар Инзаги “Ал-Ҳилол” таклифини қабул қилса, саудияликлар унга ҳар бир мавсум учун 20 миллион евроданча маош бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, “Интер” Чемпионлар Лигаси чорак финалида “Бавария” икки ўйин натижасига кўра мағлуб этиб, ярим финалга йўлланма олди. Ушбу босқичда “нерадзуррилар”га “Барселона” рақиблик қилади.