Хулиан Альвареснинг «Барселона»га трансфери амалда имконсиз масалага айланди
Мадриднинг «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альвареснинг «Барселона»га ўтиши, каталонияликларнинг ушбу трансфер устида олиб бораётган ҳаракатларига қарамай, айни дамда амалда имконсиз деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, «Атлетико» ва «Барселона» ўртасидаги музокаралар «матрасчилар» футболчининг якуний нархини 100 миллион евродан юқори қилиб белгилагунига қадар муваффақиятли давом этаётган эди. Бунинг устига, аргентиналик форвардга «ПСЖ» ҳам қизиқиш билдира бошлади. Парижликлар кўк-анорранглилардан фарқли равишда «Атлетико» сўраётган суммани тўлиқ тўлашга тайёр.
Таъкидланишича, Мадрид клуби каталонияликларнинг Альварес трансферига бошқа футболчиларни, хусусан, Марк Бернал, Фермин Лопес ёки Роналд Араухони қўшиб бериш борасидаги таклифини ҳам рад этган.