Франция ва Парагвай терма жамоалари ўртасидаги учрашув аномал иссиқ об-ҳаво шароитида ўтиши мумкин
Жаҳон чемпионати — 2026 мусобақасининг 1/8 финалидан ўрин олган, Филаделфияда бўлиб ўтиши режалаштирилган Франция ва Парагвай терма жамоалари ўртасидаги учрашув аномал иссиқ об-ҳаво шароитида ўтиши мумкин.
L'Équipe нашрининг хабар беришича, синоптиклар башоратига кўра, сояда ҳарорат 36 даража иссиққача кўтарилади, ҳаво намлигини ҳисобга олганда эса иссиқлик бундан ҳам юқори даражада сезилади.
Нашрнинг ёзишича, иқлим назорати тизими билан жиҳозланмаган очиқ турдаги «Линкольн Файненшл Филд» стадионида нафақат футболчилар, балки томошабинлар хавфсизлиги ҳам жиддий хавотир уйғотмоқда. FIFA ўйин давомида махсус сув ичиш танаффусларини ўз ичига олган салқинлатиш протоколларини ишга солишни режалаштирган. Бироқ FIFPRO футболчилар касаба уюшмаси ва олимлар бу чораларни етарли эмас деб ҳисоблашмоқда — улар ҳаво ҳарорати 28°C дан юқори бўлганда ўйинларни бошқа муддатга кўчиришни талаб қилишмоқда.
FIFAнинг амалдаги қоидаларига кўра, агар нам термометр бўйича ҳарорат 32°C га етса, ўйин қолдирилиши мумкин. Бироқ айни дамда учрашувни кўчириш бўйича ҳеч қандай расмий қарор қабул қилинмаган.