Франция — Парагвай учрашуви кучли иссиқ сабаб хавф остида
2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/8 финали доирасида ўтказиладиган Франция — Парагвай баҳси аномал иссиқ шароитида бўлиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда L'Équipe хабар берди.
Манбага кўра, 5 июль куни Филадельфия шаҳрида сояда ҳаво ҳарорати 36°Cгача кўтарилиши кутилмоқда. Юқори намлик туфайли ҳис қилинадиган ҳарорат эса бундан ҳам юқори бўлади.
Бу ҳолат нафақат футболчилар, балки очиқ осмон остида жойлашган «Линкольн Файнэншл Филд» стадионидаги мухлислар хавфсизлиги бўйича ҳам жиддий хавотир уйғотмоқда. Арена кондиционер тизими билан жиҳозланмаган.
Маълум қилинишича, ФИФА совутиш протоколларини қўллашни режалаштирган. Улар орасида футболчилар учун қўшимча сув ичиш танаффуслари ҳам бор.
Бироқ FIFPRO футболчилар уюшмаси ва бир қатор олимлар бу чораларни етарли эмас деб ҳисобламоқда. Улар ҳаво ҳарорати 28°Cдан ошганда учрашувларни бошқа вақтга кўчиришни таклиф қилмоқда.
Амалдаги ФИФА қоидаларига кўра, агар нам термометр (WBGT) кўрсаткичи 32°Cга етса, учрашувни кечиктириш ёки бошқа вақтга ўтказиш мумкин.
Ҳозирча эса Франция — Парагвай баҳсини қолдириш ёки бошқа вақтга кўчириш бўйича расмий қарор қабул қилинмаган.