Фермин Лопес жароҳати сабаб тахминан икки ҳафтага сафдан чиқди
«Барселона» яримҳимоячиси «Челси»га қарши ўйинни эртароқ якунлаганди.
ФОТО: Getty Images
«Барселона» матбуот хизмати клуб яримҳимоячиси Фермин Лопес жароҳат олгани ҳақида маълум қилди. 22 ёшли футболчининг ўнг оёғининг мушагида кичик жароҳат аниқланган.
Клуб шифокорларига кўра, унинг тўлиқ тикланиши тахминан икки ҳафта давом этади.
Лопес 25 ноябрь куни бўлиб ўтган Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 5-турида «Челси»га қарши ўйинда (3:0) 62-дақиқада алмаштирилганди.
Жорий мавсумда у барча турнирлар доирасида 13 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол ҳамда 4 та голли узатма муаллифи бўлди. Фермин Лопеснинг амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган.
Насрулло Каримов
Журналист