Бугун \"Навбахор\"га қарши ўйнайдиган \"ФарДУ\" ҳақида нималарни биласиз?
Ўзбекистон кубоги, гуруҳ босқичи, “E” гуруҳининг 3-туридан ўрин олган баҳсни жамоамиз ўз майдонида “ФарДУ” (Фарғона)га қарши ўтказади.

“Навбахор” мазкур жамоа билан илк маротаба ўйин ўтказаётгани боис, “ФарДУ” клуби тарихи ҳақида қисқача тўхталамиз.
Фарғона давлат университетининг “ФарДУ” футбол жамоаси аслида собиқ иттифоқ даврида ташкил топган ва Фарғона вилояти биринчилиги ҳамда бошқа турли мусобақаларда иштирок этган.

Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермухаммадов ташаббуси билан эса 2021 йилдан бошлаб, “ФарДУ”га катта эътибор қаратила бошланди. Бунинг асосий мақсади университетда таҳсил олаётган талаба-ёшларни кенг қамровда спортга жалб қилиш, футбол спорт турини оммавийлаштириш ҳамда назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш эди.

Университет қошида ташкил этилган футбол клубига кўрсатилаётган улкан эътибор тез орада ўз самарасини берди, жамоа 2023 йилги мавсумда Фарғона вилоятининг иккинчи лигасида чемпионликни қўлга киритди.

Мазкур натижа “ФарДУ”га Биринчи лигага ўтиш турнирида қатнашиш ҳуқуқини тақдим этди ва 2023 йил декабрь ойида Сурхондарё вилоятида ташкил этилган Биринчи лигага ўтиш турнирида “ФарДУ” 3-ўринни эгаллаб, 2024 йилги мавсумдан ЎзПФЛ байроғи остида ўтадиган Биринчи лигада иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

“ФарДУ” 2024 йилги мавсумда Биринчи лиганинг Шарқий минтақасида 2-ўринни қўлга киритди. Ғарбий ва Шарқий минтақанинг 8 та энг кучли жамоалари иштирокида ташкил этилган мавсумнинг якуний финал босқичи ўйинларида 3-ўринни эгаллаб, дебют мавсумиёқ Биринчи лиганинг бронза медалларига эга чиқди.

Жамоа жорий мавсумда Про лигада иштирок этмоқда ва айни пайтда 5 та учрашувда 1 тадан ғалаба ҳамда дуранг, шунингдек, 3 та мағлубиятни қайд этган ҳолда, 4 очко жамлаб, 6 та жамоа орасида турнир жадвалида 5-поғонада бормоқда.

“ФарДУ”нинг мураббийлар штабида яқин ўтмишнинг таниқли футболчилари — Сергей Лебедев ва Абдусамад Дўрмоновлар фаолият олиб бормоқда. Жамоа таркибида университет талаба-ёшлари билан бир қаторда Шукуралӣ Пўлатов, Абдухолиқ Қурбонов, Риза Айвазов, Ибоджон Абелфазов, Санжар Зокиров, Дастон Рашидов, Нозимжон Бобожонов каби тажрибали футболчилар ҳам ҳаракат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Навбахор” – “ФарДУ” учрашуви бугун Наманган шаҳар, Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионида соат 19:15 да старт олади.