Бразилияликлар Ўзбекистон термасига йирик мағлубият ваъда қилишди
Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев мавсумолди тайёргарлик учун яна Москвадаги ЦСКА сафига қайтди ва клуб матбуот хизмати тарқатган видеороликнинг бош қаҳрамонига айланди. Унда жамоанинг биринчи машғулотлари ва футболчиларнинг кайфияти акс этган. Шунингдек, 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги эҳтимолий рақобатлар ҳам муҳокама қилинган.
Файзуллаевнинг сўзларига кўра, жамоада ижобий ва дўстона муҳит ҳукм сурмоқда, футболчилар ўзаро шўхлик қилишмоқда. Айниқса, у бразилиялик жамоадошлари билан бўлган мулоқотни эътироф этди. Гап икки терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига чиққани ва у ерда бир-бирига қарши ўйнаши мумкинлиги ҳақида кетган.
«Бразилияликлар билан ҳазиллашдик: иккаламиз ҳам чемпионатга чиқдик, энди, гўёки, бир-биримизга қарши ўйнаймиз», — деган Файзуллаев клуб матбуот хизматига.
Ушбу дўстона баҳс чоғида Файзуллаев Ўзбекистон термаси ғалаба қозонишига ишонч билдирган. Аммо бразилиялик футболчилар бу фикрга қарши чиқиб, ўз жамоаси 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишини айтган.
Бразилия терма жамоаси ҳам ЖЧ—2026 йўлланмасини қўлга киритган. Улар учун ҳал қилувчи баҳс 11 июнь куни Парагвайга қарши кечди ва ўйин 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган.