Бразилия Анчелотти билан шартномани 2030 йилгача узайтирмоқчи — манба
Бразилия футбол конфедерацияси миллий жамоа бош мураббийи Карло Анчелотти билан янги шартнома борасида музокаралар олиб бормоқда. Томонлар ўртасидаги келишув 2030 йилгача мўлжалланиши мумкин. Бу ҳақда Globo нашри хабар бермоқда.
Италиялик мутахассис Бразилия миллий жамоасини 2025 йил май ойида қабул қилиб олган. Амалдаги шартномага кўра, Анчелотти йилига тахминан 10 млн евро маош олади ва бу уни миллий жамоалар орасидаги энг кўп маош олувчи мураббийга айлантиради.
Шунингдек, келишувда Бразилия 2026 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлса, мураббийга 5 млн евро миқдорида бонус тўланиши ҳам кўзда тутилган.
Бразилия футбол раҳбарияти Анчелотти қисқа вақт ичида сезиларли натижаларга эришганига ишонч билдирмоқда. У терма жамоани яна тўғри йўлга қайтаргани, шунингдек, бўлажак жаҳон чемпионати олдидан мухлислар ва мутахассислар кутган умидларни оширгани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоаси C гуруҳида Марокаш, Гаити ва Шотландия миллий жамоаларига қарши баҳс олиб боради.