«Боруссия Дортмунд» «Реал»га Каваминга бўйича сўров юборди, аммо рад жавобини олди
Дортмунднинг «Боруссия» клуби ярим ҳимоячи Эдуарду Каваминганинг жамоадаги ҳолатини билиш мақсадида Мадриднинг «Реал» клубига мурожаат қилди. Ўз навбатида, «Қироллик клуби» франциялик футболчи айни дамда сотилмаслигини маълум қилган. Бу ҳақда испаниялик журналист Рамон Алварес де Мон хабар берди.
Аввалроқ ОАВда «қаймоқранглилар» Кавамингани сотиш вариантини кўриб чиқишга тайёр эканлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўшанда 23 ёшли футболчининг хизматларига «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль» ва «ПСЖ» клублари жиддий қизиқиш билдирётгани таъкидланганди.
Маълумот учун, Каваминга жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 42 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилди. Футболчининг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали берган маълумотларга кўра, унинг айни пайтдаги бозор қиймати 50 миллион еврога тенг.