“Бавария” Жонатан Та учун курашга қўшилди
Мюнхеннинг “Бавария” клуби “Байер” ҳимоячиси Жонатан Та ва унинг вакиллари билан музокарага киришди. Бу ҳақда журналист ва инсайдер Флориан Плоттенберг хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Бавария” спорт директорлари Макс Эбери ва Кристоф Фройнд ёзда эркин агентга айланадиган германиялик футболчининг трансферига раҳбариятдан рухсат сўрамоқда.
Аввалроқ, ОАВда Хаби Алонсо “Реал Мадрид” бош мураббийига айланса, Тани ҳам ўзи билан олиб келмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Қайд этилишича, “Барселона” ҳам немис вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда ва футболчи билан шартнома шартлари борасида келишувга эришган. Бироқ молиявий қийинчиликлар сабаб трансфер якунига етмай қолмоқда.
Маълумот учун, Жонатан Та жорий мавсум барча турнирларда 47 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди. Унинг Transfermarkt’даги нархи 30 миллион евро деб баҳоланмоқда.