«Барселона» ва «Бавария» Грималдога қизиқиш билдирмоқда
30 ёшли испаниялик ҳимоячи, Леверкузеннинг «Байер» клуби футболчиси Александро Грималдо «Бавария» ва «Барселона» жамоаларининг қизиқиш доирасига тушди. Бу ҳақда Marca хабар бермоқда.
Манбага кўра, Леверкузен клуби футболчини сотишни режалаштирмаяпти, бироқ Грималдонинг ўзи Испанияга қайтишни афзал кўради. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган.
Маълумот учун, Грималдо 2023 йил ёзида «Бенфика»дан «Байер»га 25 миллион евро эвазига кўчиб ўтганди. Жорий мавсумда у немис клуби сафида барча мусобақаларда 15 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва 4 та ассист қайд этди.
Испания миллий жамоаси сафида эса футболчи 11 та учрашувда майдонга тушган. Transfermarkt портали Грималдонинг трансфер қийматини 30 миллион евро деб баҳоламоқда.