«Барселона» «Норвич Сити»нинг 15 ёшли ҳужумчисига қизиқиш билдирмоқда
«Барселона» «Норвич Сити»нинг 15 ёшли ҳужумчиси Аджай Таваресни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Goal.com нашри хабар берди.
Манбага кўра, ёш футболчини бир нечта Европа клублари кузатиб келган, улар орасида «RB Лейпциг» ва Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси ҳам бор. Бироқ айнан «Барселона» энг қулай шартларни таклиф қилган ва трансферни яқин вақт ичида якунлашни мақсад қилган.
Таварес «Норвич Сити» U18 жамоасида чап қанот ҳужумчиси сифатида тўп суради. У клубнинг асосий таркибида расмий учрашувларда майдонга тушмаган, бироқ июль ойида Нидерландиянинг «Волендам» жамоасига қарши мавсумолди ўйинида иштирок этган.
Англия U17 терма жамоаси сафида эса 4 та учрашув ўтказган, аммо ҳозирча гол ёки ассист қайд этмаган.