“Барселона” ҳимоячиси фаолиятини А Серияда давом эттириши мумкин
Италиянинг “Комо” клуби “Барселона”дан ижарага олган ҳимоячи Алекс Валлени тўлиқ сотиб олмоқчи. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар бермоқда.
Манбага кўра, Валле бош мураббий Сеск Фабрегаснинг клуб келажаги бўйича режаларида муҳим рол ўйнайди. Қайд этилишича, “Комо” ҳимоячига узоқ муддатли шартнома таклиф қилишга тайёр.
Маълумот учун, Валленинг “Комо” билан тузган амалдаги шартномаси мавсум охирида якунга етади. Келишувда футболчини 6 миллион еврога сотиб олиш банди мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Валле мавсумнинг биринчи қисмини “Селтик”да ижарада ўтказган ва қишки трансферлар вақтида Италия клубига ўтган. У жорий мавсум “Комо” сафида 11 та ўйин ўтказди. Трансфермаркт портали футболчини 4,5 миллион еврога баҳоламоқда.