«Барселона» ҳимоячи трансфери устида ишламоқда
«Барселона» ёзги трансфер ойнаси ёпилгунига қадар ҳимоя чизиғини яна бир футболчи билан кучайтириши мумкин.
Журналист Жерар Ромеро маълумотига кўра, клуб ушбу позиция учун «РБ Лейпциг» футболчиси Кастелло Люкеба ҳамда «Спортинг» ҳимоячиси Гонсалу Инасиуни асосий номзодлар сифатида белгилаган.
Айниқса, Инасиунинг келажаги ҳозир қизиқарли тус олган. Португалиялик ҳимоячи 22 август куни «Спортинг»нинг «Алверка»га қарши ўйинида захирада қолдирилган. Португалия ОАВлари бу қарорни футболчининг эҳтимолий трансфери билан боғламоқда. Шу билан бирга, «Барселона» ҳам Инасиу бўйича ҳаракат бошлагани хабар қилинди.
Люкеба эса «Барселона» спорт директори Деку ва бош мураббий Ханс-Дитер Фликка маъқул келадиган номзодлардан бири ҳисобланади. Унинг «РБ Лейпциг» билан шартномасида 80 миллион евро миқдорида товон пули борлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.
Шу тариқа, «Барселона» трансфер ойнаси ёпилишига қадар марказий ҳимоя чизиғига янги футболчи олиб келиш имкониятини кўриб чиқмоқда.