«Барселона» Фликнинг ёш ҳужумчига имконият бермаётганидан норози
«Барселона»да бош мураббий Ханс-Дитер Фликнинг бир қарори бўйича норозилик бор. Бу ҳақда El Nacional хабар берди.
Гап ёш ҳужумчи Хамза Абделькарим ҳақида кетмоқда. 18 ёшли футболчи мавсумолди йиғинлари давомида ўзини яхши томондан кўрсатган ва клуб раҳбарияти унинг расмий учрашувларда ҳам мунтазам равишда майдонга тушиб, ривожланишини давом эттиришини кутган.
Бироқ Флик Абделькаримга ҳозирча деярли имконият бермаяпти. У мавсум бошидан буён фақат бир учрашувда ҳужумчини захирадан майдонга туширган ва у ҳам баҳснинг сўнгги дақиқаларида рўй берган. Қолган учрашувларда Абделькарим 90 дақиқа давомида захира ўриндиғида қолган.
«Барселона» навбатдаги учрашувини 10 октябрь куни ўз майдонида «Хетафе»га қарши ўтказади.