«Барселона» Бастонига нисбатан ҳамёнбоп ва қулайроқ муқобил вариант топди
«Барселона» клуби «Порту» ҳамда Польша терма жамоаси марказий ҳимоячиси Якуб Кивёр билан шартнома имзолаш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бироқ айни дамда томонлар ўртасида трансфер бўйича расмий музокаралар олиб борилмаяпти. Бу ҳақда Sport.es нашри журналист Маттео Моретто хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, Каталония клуби поляк футболчисини «Интер» ҳимоячиси Алессандро Бастонига нисбатан ҳамёнбоп ва қулайроқ муқобил вариант деб ҳисобламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Кивёр ҳозирда «Арсенал»дан ижарага олинган ҳолда, мажбурий сотиб олиш банди билан «Порту» сафида тўп сурмоқда. Жорий мавсумда Кивёр барча турнирларда жами 39 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt портали берган маълумотларга кўра, 26 ёшли ҳимоячининг айни пайтдаги бозор қиймати 27 миллион еврони ташкил этади.