«Барселона» Альварес трансфери учун 130 млн евро таклиф қилмоқчи – манба
«Барселона» ва Мадриднинг «Атлетико» клуби ўртасида ҳужумчи Хулиан Альварес трансфери бўйича музокаралар давом этмоқда. Бу ҳақда Sport.es хабар берди.
Манбага кўра, каталонияликлар 2026 йилги жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг аргентиналик форвард учун 130 миллион евро таклиф қилишни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, бу «Барселона» тайёрлаган энг юқори таклиф ҳисобланади. Клуб трансфер суммасини 150 миллион еврогача ошириш вариантини кўриб чиқмаяпти. Шу билан бирга, «кўк-анорранглилар» раҳбарияти Альвареснинг «Барселона»га ўтиш истаги сақланиб қолганига ишонмоқда.
Хулиан Альварес ўтган мавсумда барча мусобақаларда 49 та учрашувда иштирок этиб, 20 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.
Унинг «Атлетико» билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотларига кўра, 25 ёшли ҳужумчининг бозор қиймати 100 миллион еврога баҳоланмоқда.