«Барселона» Альварес бўйича расмий таклиф тайёрламоқда
Мадриднинг «Атлетико» клуби форварди Хулиан Альварес «Барселона» футболчисига айланиши мумкин. Аввалроқ аргентиналик футболчи «матрасчилар» билан шартномани узайтиришдан бош тортгани маълум бўлганди.
Нуфузли инсайдер Фабрицио Романонинг хабарларига кўра, айни дамда «Барселона» Альвареснинг трансфери бўйича «Атлетико»га биринчи расмий таклифни тайёрламоқда. Таъкидланишича, «кўк-анорранглилар» ОАВда хабар қилинганидек, келишувга бирор-бир футболчини қўшишни режалаштирмаяпти.
Ўтган мавсумда 26 ёшли Альварес барча турнирларда 49 та ўйин ўтказиб, 20 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди ва тўққизта голли узатмага муаллифлик қилди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Барселона» «Ньюкасл» вингери Энтони Гордоннинг трансферини келишиб олганди. Трансфер суммаси тахминан 70-80 миллион еврони ташкил қилади.