«Барселона» ҳали ҳам Хулиан Альваресни асосий мақсад қилмоқда
«Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альварес ҳамон «Барселона»нинг ҳужум чизиғини кучайтиришдаги асосий трансфер мақсади бўлиб турибди. AS маълумотига кўра, каталонияликлар аргентиналик футболчи бўйича позициясини ўзгартирмаган.
Манбага кўра, «Барселона» ҳозирча Альварес трансфери бўйича «матрасчилар» билан келиша олмаяпти. Шу сабабли клуб «Интер» ҳужумчиси Лаутаро Мартинес ва «Брюгге» форварди Николо Трезольдини муқобил вариант сифатида кўриб чиқмоқда.
Альвареснинг ўзи эса Каталония клубига ўтиш истагида экани айтилмоқда. Айни пайтда у «Атлетико» машғулотларида одатдагидек иштирок этмоқда, аммо футболчининг жиддий кайфияти ва бош мураббий Диего Симеоне билан муносабатларидаги совуқлик эътиборни тортмоқда.
Маълумотларга кўра, Мадрид жамоси ҳозирча Альваресни сотиш ниятида эмас. Клуб раҳбарияти аргентиналик ҳужумчини жамоада сақлаб қолиш позициясида турибди.