«Аякс» ва «Гронинген» ўртасидаги ўйин трибунадаги тартибсизликлар сабаб тўхтатиб қўйилди
Амстердамда бўлиб ўтган «Аякс» — «Гронинген» учрашуви трибунадаги тартибсизликлар сабаб тўхтатиб қўйилди. Бу ҳақда Нидерландия Қироллик футбол иттифоқи (KNVB) хабар берди.
«Майдонда ва унинг атрофида бўлган футболчилар ҳамда ходимларнинг хавфсизлиги хавф остида қолди. Биз “Аякс”нинг кўпчилик қонуний мухлислари ва “Гронинген”дан келган меҳмонларнинг ранжишини тушунамиз. Тартибсизликларни келтириб чиқарганлар футбол учун эмас, бошқа ният билан стадионга келишган. Бу, авваламбор, ўз жамоасини чин дидан қўллаб-қувватлайдиган одамларга зарба», — дейилади KNVBнинг X ижтимоий тармоғидаги баёнотида.
Иттифоқ маълумотига кўра, тартиб бузганлар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади. KNVB хабарига кўра, пиротехника қўллаган томошабинларга 450 евро миқдорида жарима ва 18 ойдан 60 ойгача стадионларга кириш тақиқ қўлланиши мумкин.
Тўхтатилган учрашувнинг қолган қисми сешанба, 2 декабрь куни, Тошкент вақти билан 18:30 да томошабинларсиз давом эттирилади. KNVB якшанба куни содир бўлган «қабул қилиб бўлмайдиган воқеалар» юзасидан интизомий текширув ҳам бошлади.