«Атлетико» Решфордни ўз сафига қўшиб олмоқчи — манба
Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳозирда «Барселона» сафида ижара асосида ўйнаётган «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Маркус Решфордга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда El Nacional хабар берди.
Манбага кўра, мадридликлар каталонияликларнинг 28 ёшли футболчини жамоада олиб қолиш режаларини бузмоқчи. «Атлетико» Решфордни Мадридга олиб келиш учун жиддий молиявий қурбонликларга боришга тайёр.
Аввалроқ ҳужумчи «Манчестер Юнайтед» раҳбариятини Ла Лиганинг бошқа клубларидан келадиган таклифларни кўриб чиқмасликни сўрагани, чунки у фаолиятини фақат «Барселона»да давом эттирмоқчи эканини билдиргани ҳақида хабарлар чиққан эди.
Шунга қарамай, «Атлетико» Решфордга каталонияликлар таклиф қила оладиган шартлардан яхшироқ контракт таклиф эта олишига ишонмоқда.
Жорий мавсумда Решфорд «Барселона» сафида 23 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урди ва 11 та голли узатма амалга оширди. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 40 млн еврони ташкил этади.