Асрор Алиқулов: Юқори темпда ва тезкор ўйнайдиган футболчиларни қидиряпмиз
Про-лиганинг 10-турида кутилмаган натижа қайд этилди. Мусобақа пешқадамларидан бири – «Шўртан» ўз уйида «Ғазалкент» жамоасини қабул қилди. Иккинчи бўлим 70-дақиқасида меҳмонлар майдонда 10 футболчи бўлиб қолдилар. Сон жиҳатдан устунликка эришган мезбонлар буни таблода акс эттира олмадилар. Аксинча, «Ғазалкент» бир ўйинчи кам бўлган ҳолда иккита гол уриб 0:2 ҳисобидаги ғалабани тантана қилиб кетди.
Ушбу ўйиндан кейин «Шўртан» бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- «Ғазалкент» жамоаси охирги бир нечта ўйинни яхши ўтказди. Шу боис жамоамиз аъзоларига уларга қарши яхши тайёргарлик кўришни уқтиргандик. Рақибни ёшлиги ва менсимаслик ҳолатига йўл қўймаслигини ҳамда учрашув оғир кечишини алоҳида айтгандик. Ўйин курашларга бой бўлди. Иккинчи бўлимда рақиб 10 футболчи билан қолди ва қарши ҳужумда бизни жазолади. Йигитлар бўшашди ва характер кўрсата олишмади. «Ғазалкент» яхши ҳимояланди. Ёш бўлишига қарамай, бўйдор ҳимоячилари кўп. Устунликка эриша олмадик. Бу мағлубият учун мухлислардан узр сўраймиз.
- Шогирдларингизда рақибни менсимаслик ҳолатини кузатдингизми?
- Охирида «Ғазалкент» жамоаси 10 футболчи билан қолди ва чуқур ҳимояланди. Узун паслар ва қанотлардан ҳужумлар қилишимиз керак эди. Афсуски, оддий ҳолатларда хатоликларга йўл қўйдик. Оддий тўп ошириш футболчи учун қийин вазият эмасди. Айтиш мумкинки, мухлислар олдида бундай футбол кўрсатиш мураббий сифатида ва жамоа учун ҳам уят бўлиши керак.
- Рақибнинг қизил карточкасидан кейин таркибда айрим ўзгаришларга қўл урдингиз. Захирадан майдонга тушганлар ишончингизни қанчалик оқлай олдилар?
- Ғанишер Қодиров охирги ўйинларда голлари билан жамоага фойда келтирганди. Бугун ҳам умид қилиб майдонга туширдик. Афсуски, қулай жарима зарбасидан фойдалана олмади. Қолган ҳолатларда рақиб ҳимоячилари унга имконият беришмади.
- Пешқадам «Орол» тўплар нисбатига анча кўра анча олдинга ўтиб кетди. Бу борада кўпроқ нимага аҳамият қаратиш керак, деб ўйлайсиз?
- Уч очкога ва тўплар нисбатига ҳам орқада қоляпмиз. Ҳужум қилиш вариантларини ишлаган пайтда айрим вазиятларда ҳужумчилардан жахлимиз чиқади. Дарвозага зарба берилаётганда кўп ҳам кучга эмас, ақлни ҳам ишлатиш керак. Шу томонлама ҳам бизга анча етишмади. Ҳужум чизиғидаги ўйинчилар ўзларини кўрсата олишмади.
- Ўртада танаффус бўлади. Ушбу вазиятда жамоани режалари қандай?
- Про-лигани кўряпсиз, босим бўляпти, футболчилар ўзаини аямайапти. Шу темпга бардош берадиган, айниқса ўрта чизиғимиздаги футболчилар секин, шу боис ўрта ва ҳужум чизиғини ҳам кучайтиришимиз керак. Юқори темпда ва тезкор ўйнайдиган футболчиларни қидиряпмиз», - дея Алиқуловнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.