«Arsenal» топ-ҳужумчи харид қилиб, чемпионлик унвонини ҳимоя қилмоқчи
Лондонинг «Arsenal» клуби топ-ҳужумчи билан шартнома имзолаш орқали Англия Премьер-лигадаги чемпионлик унвонини ҳимоя қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Touchline хабар бермоқда.
Клуб раҳбарияти бош мураббий Микел Артета ҳимоя чизиғини шакллантиришда ажойиб ишлаётганини эътироф этган, бироқ жамоага ҳужумда хилма-хиллик етишмаяпти деб ҳисобламоқда.
Клуб мутаҳассисларининг ишончи комилки, ҳужум чизиғи янада кучайтирилса, «Arsenal» Англияда узоқ йиллар давомида гегемонлик қилиши мумкин. Айниқса, «Manchester City» бош мураббийи Пеп Гвардиоланинг кетишидан кейин бу имконият янада ортади.
Маълумот учун, «Arsenal» муддатидан олдин Англия чемпионлигини расмийлаштириб бўлди. Ортида қолган 37 турдан сўнг «канонирлар» ҳисобида 82 очко мавжуд.