Ҳарри Кейн Бундеслига тарихида Гeрд Мюллернинг рекордини такрорлади
Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн Германия Бундеслигасининг жорий мавсумида ўз ҳисобига 36 та гол ёзиб қўйишга улгурди. Англиялик форвард 2023/2024 йилги мавсумда ҳам айнан шунча гол уришга муваффақ бўлганди.
OptaFranz таҳлилий порталида хабар берилишича, Кейн Германия чемпионати тарихида бир мавсумда 36 ва ундан ортиқ гол уришни бир мартдан кўп уддалаган тарихдаги иккинчи футболчига айланди.
Бунгача Бундеслига тарихида фақат биргина футболчи — «Бавария»нинг афсонавий ҳужумчиси Гeрд Мюллер бир мавсумда 36 тадан кўп гол уришни бир неча бор (3 та мавсумда) уддалаган эди.
Эътиборлиси, мюнхенликларнинг собиқ тўпурари Роберт Левандовски фаолияти давомида фақат бир марта (2020/2021 йилги мавсумда) бундай кўрсаткичга эриша олган, холос. Кейн эса Германиядаги дастлабки икки мавсумидаёқ ушбу натижани қайд этиб, тарихга кирди.