locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ҳанси Флик Араухонинг кетишини изоҳлади: «Унинг ўйин услуби менга мос эмас»

“Барселона” бош мураббийи Ҳанси Флик жамоани тарк этишга яқин турган Роналд Араухо ҳақида фикр билдириб, уругвайлик ҳимоячининг ўйин услуби ўзининг футбол фалсафасига мос келмаслигини айтди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Ҳанси Флик Араухонинг кетишини изоҳлади: «Унинг ўйин услуби менга мос эмас»
photo: gettyimages

“Барселона” бош мураббийи Ҳанси Флик жамоани тарк этишга яқин турган Роналд Араухо ҳақида фикр билдириб, уругвайлик ҳимоячининг ўйин услуби ўзининг футбол фалсафасига мос келмаслигини айтди.

“Барселона” мавсумолди йиғин доирасида “Удинезе”га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган учрашувдан сўнг Ҳанси Флик Роналд Араухонинг жамоани тарк этиши борасидаги саволларга жавоб берди.

Немис мутахассиси марказий ҳимоячининг сифатларини эътироф этган бўлса-да, унинг ўйин услуби ўз талабларига мос келмаслигини очиқ айтди.

“У ажойиб инсон ва юқори савиядаги футболчи. Аммо унинг ўйин услуби мен афзал кўрадиган услуб эмас”, — деди Флик.

Мураббий, шунингдек, Араухонинг аввалги хатолар таъсирида қолиб кетганига ҳам ишора қилди.

“У ўтган хатоларининг таъсирига берилиб кетди. Шунга қарамай, мен унга келажакдаги фаолиятида фақат омад тилайман”, — дея қўшимча қилди Германиялик мутахассис.

Араухо “Ливерпул”га йўл олмоқда

Маълумотларга кўра, Роналд Араухо саккиз йиллик фаолиятидан сўнг “Барселона”ни тарк этиб, “Ливерпул”га ижара асосида ўтиши арафасида турибди.

Келишувга кўра, уругвайлик ҳимоячи дастлаб бир мавсум ижара асосида ҳаракат қилади. Шунингдек, мерсисайдликлар 2027 йил ёзида футболчини 55 миллион евро эвазига тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Флик таркибни ёшартириш тарафдори

Ҳанси Флик жамoadagi ўзгаришлар табиий жараён эканини таъкидлаб, клуб ёш футболчиларга кўпроқ имконият яратиш йўлидан бораётганини айтди.

“Ҳаётда ҳам, футболда ҳам ўзгаришлар бўлиб туради. Ҳозир атрофда турли гап-сўзлар кўп, аммо биз нима истаганимизни яхши биламиз. Мақсадимиз — жамоани янада кучайтириш. Биз хотиржаммиз”, — деди Флик.

Мураббийнинг сўзларига кўра, айрим оғир қарорларни қабул қилишга тўғри келган.

“Баъзи қийин қарорларни қабул қилишимиз керак эди ва мен клубга шундай йўл тутишни тавсия қилдим. Ҳар бир жамоа вақт-вақти билан янгиланади. Ёш футболчиларга жой бўшатишимиз зарур”, — деди у.

Кетаётганлар рўйхати кенгаймоқда

Араухонинг кетиши “Барселона”даги таркиб янгиланишининг навбатдаги босқичи бўлди. Аввалроқ Роберт Левандовски, Марк-Андре тер Штеген ва Маркус Решфорд ҳам жамоани тарк этган футболчилар қаторида жой олганди.

Шунингдек, Испания терма жамоаси аъзоси Ферран Торрес ҳам яқин кунларда ПСЖ сафига қўшилиши кутилмоқда. Бу эса “Барселона”да катта ўзгаришлар ҳали давом этаётганини англатади.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг